Меню

Страницы

Статья

Тоқаев: миллатни Абай каби севишга ўрганиш керак

9 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаевнинг “ХХI асрда Абай ва Қозоғистон” номли мақоласи  расмий «Егемен Казахстан» газетасида чоп этилди. Муаллифнинг ўзи Абай мероси ва ўгитларининг долзарблиги ҳақида жамоатчилик билан фикр алмашиб мақсадида мақолага қўл урганини айтади. Бу йил Абайнинг 175 йиллиги давлат ва халқаро даражада кенг нишонланиши билан муҳим аҳамиятга эга.  Абай Кўнанбаев атоқли олим, мутафаккир, шоир, маърифатпарвар, янги миллий адабиёт асосчиси, таржимон, бастакор сифатида мамлакат тарихида ўчмас из қолдирди. Унинг шеърларида ва сўзларида миллатнинг ўзига хослиги, турмуш тарзи, дунёқараши, феъл-атвори, руҳи, дини, менталитети, тили ва руҳияти акс эттирилган ва шунинг учун ҳам президент “миллатни Абай каби севишни ўрганишга” чақиради.  

Ўтган йили Абай асарларидан парчалар ўқиш эстафетаси бўлиб ўтди. Бир неча ой давом этган акция туфайли бутун Қозоғистон Абай меросини ўрганди. Бу Абайга ҳурмат ва болаларни тарбиялашнинг энг самарали усули бўлди.  Қ. Токаевнинг айтишича, миллий ўзликни сақлаш ва уни замонавий талабларга мослаштириш умумиллий муаммога айланган. Ўзликни ва онгни  модернизациялаш мамлакатни ХХІ асрда мислсиз ривожланишига йўл очади. Шу нуқтаи назардан буюк шоирнинг асарлари бугун ҳам долзарб. “Абай ғоялари барчамиз учун маънавий озуқа бўлиши мумкин”, — дейди Қозоғистон президенти.     

                   Миллий ўзига хослик намунаси  

Абай ижодига назар ташлар эканмиз, у ҳар доим чин дилдан мамлакатнинг гуллаб-яшнаши ва ривожланишини хоҳлаган, мазкур ғояни улуғлаган. Фан ва таълим эса тараққиёт асоси. Абай бутун қалби ва тани билан қозоқлар муттасил ўрганишлари, ривожланишларини истаган. У“Илмни эгалламагунча мақтанма”, деган. Демакки, билимли бўлмаган инсон чўққиларни забт эта олмайди. Бу хулосалар бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган. Шу боис Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев таълим тизимини модернизациялаш зарурлигини айтади.“Ўқитувчи мақоми тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши мазкур йўналишдаги хайрли ишлардандир. Бу қадам таълим тизимини оширишга йўналтирилган. Маълумки, ҳар қандай жамиятда ўқитувчининг ўрни алоҳида. Ўқитувчилар онгли авлоднинг тарбиялашда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шунинг учун давлат ўқитувчи касбининг мақомини яхшилаши ва тегишли шароитларни яратиб бериши мақсадга мувофиқ.   

Тоқаев мақоласида айтилишича, Абай таъкидлаган яхши нарсалардан бири бу тилни ўрганишдир. Шоир ўзининг йигирма бешинчи нутқида бошқа тил одамга нима беришини айтади: «Ҳар кимнинг тилини ва санъатини билган киши улар билан тенглашади,  турли илтимослар билан ўзини ерга урмайди 

Қозоғистон президенти назарида янги тарихий шароитда она тилини ривожлантириш ва тарғиб қилишга эътибор бериш ва унинг мақомини ошириш керак. Аммо ёшлар  инглиз тилини ўрганишга эътиборни оширишлари ҳам мақсадга мувофиқ бўлади. Буюк мутафаккир ҳар бир сўзи билан миллатни ўстиришни истаган. Шунинг учун Абайни чуқур ўрганишга эътиборни қаратиш муҳим, — дейди Тоқаев.  Абайни билиш – демак ўзни билиш.    

                                Давлат манфаатлари  

Қозоғистон давлатчиликни мустаҳкамлашга, суверен давлат сифатида ривожланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Тоқаев мақоласида айтишича, Абай қарашлари 21 асрда Қозоғистон жамияти ва фаровонлиги учун биринчи даражали аҳамиятга эга. Абай позицияси замонавий давлат принципларига мос келади. Агар қонун устуворлиги, ҳукумат очиқлиги ва халқ олдидаги ҳисобдорлиги олий даражада бўлса, фуқаролик жамияти вакиллари давлат ишида фаол иштирок этса, адолат мустаҳкам қарор топади.   

“Менинг “Халқини тинглайдиган давлат” концепциям адолатли жамиятни ривожлантириш учун таклиф этилган. Давлат ва жамият ўртасидаги конструктив мулоқот давлатга нисбатан ишончни мустаҳкамлайди. Ҳукумат аъзолари, шу жумладан, вазирлар ва амалдорлар давлат ва ижтимоий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фуқароларнинг таклиф ва истакларини эътиборга олишлари керак. Мен ўйлайманки, бу Абай тилга олган адолатли жамиятни шакллантиришнинг ягона шарти”, — дейди Қ. Тоқаев. Буюк шоир бежизга “Мамлакат пичирлашиб гапиришни бошласа муҳим маслаҳатлар йўқолади”деб айтмаган. Хулоса қилиш мумкинки, халқ ҳукуматдан норози бўлмаслиги учун доимо халқни тинглаш керак.   

Ҳозирги вақтда Қозоғистонда сиёсий модернизация жараёнлари кечмоқда. Биринчи президент Нурсултон Назарбоев кўмагида лидерларнинг янги авлоди пайдо бўлди. Аммо кўпинча Қозоғистонга радикал сиёсий ўзгаришлар кераклиги ҳақида чақириқлар кўзга ташланиб қолади. Бироқ, дейди Тоқаев, бу масала бўйича умуммиллий келишувга эришилиши, давлатнинг имкониятларини чинакамига баҳолаш ва юкланган мажбуриятларга масъулият билан ёндошиш керак.  Ўзгаришлар ҳақида ўйлаётганлар мамлакат келажаги ҳақида қайғураётганлари йўқ, улар шунчаки популистик ғоялар билан машғул.   

Популизм салбий тенденция сифатида глобал хусусият касб этди. Бутун дунёда аниқ стратегияси бўлмаган ва ҳокимиятгак қуруқ шиорлар билан интилаётган гуруҳларнинг овози кучли янграмоқда. Шундай шовқин-сурон соладиган одамлар ҳақида гапирган Абай “Қуруқ сафсаталар билан заҳарлаб, одамларни чув туширурлар”иборасини тўғри қўллаган. Амалда бу хавфли омил ҳар қандай мамлакат тараққиётинги издан чиқаради, миллатнинг ўзига хослигини заифлаштиради.   

Қозоғистон президентининг айтишича, Абай ўгитларида таъкидланганидек, ортиқча манманлик, бошқаларни ўзидан паст кўриш, адоват қозоқларга тўғри келмайди. Ҳар бир қадамни дунёда ва мамлакатда юз бераётган воқеаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда ташламоқ даркор. Ўзаро алоқларни сақлаб қолиш, бажарилган меҳнатни баҳолаб, давлат манфаатлари ҳақида ўйлаш мақсадга мувофиқ.   

         Абай юбилейи катта тантана қилинади 

Ҳар бир замонавий давлат ўзининг бой тарихий шахслари билан фахрланади. Улар орасида сиёсатчилар, давлат ва жамоат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, санъат ва маданият арбоблари бўлиши мумкин. Қозоқ халқи орасида ҳам етук шахслар етарли, улар орасида Абайнинг ўрни алоҳида. Бироқ Қозоғистон ҳар доим ҳам буюк мутафаккирни дунёга танитишда етарли иш олиб боролмаган. Бу Қозоғистон президентининг эътирофи.   

Олим Абай — дунё даражасидаги қозоқ оламининг даҳоси. У бутун инсониятга даҳлдор онг, ақл-идрок ва донолик билимлари уруғини экиб кетди. Маълумки, Мухтор Авезовнинг “Абай йўли” романидаги бадиий образ орқали Абай жаҳон адабиётида юксак баҳоланди. Бироқ бу Абайни танишнинг фақат бир жиҳати. Абайни билиш учун унинг назм ва насрларидаги ифода этилган ғоялар маъносини очиш зарур.   

Қозоғистоннинг биринчи Президенти  Нурсултон Назарбаев: «Абай  нафақат қозоқ халқининг маънавий хазинасига бебаҳо ҳисса қўшди, балки қозоқ халқи ўз мамлакатига эга бўлиши учун кўп ишлади Абай  жаҳон даражасидаги мутафаккирлар орасида ажойин инсон деган эди Дарҳақиқат,  доно шоирнинг асарлари нафақат қозоқларнинг, балки бутун инсоният маънавий ҳаётини бойитишга хизмат қилади.    

Шу сабабли Президент Тоқаев таъбири билан айтганда, Қозоғистон Абайни миллатнинг маданий капитали сифатида илгари сурмоқчи. Яъни Абайни жаҳон ҳамжамиятига янги Қозоғистоннинг бренди сифатида таништирмоқчи.  
Биз яхши биламиз, ҳар бир қозоқ хонадонида домбра эъзозланади. Қ. Тоқаев ҳар бир оилани Абай китоблари ва М. Авезовнинг “Абай йўли” романини уйи тўридан ўрин олишига чақирди.   

Мақолада ёзилишича, бу йил Абайнинг 175 йиллига бағишлаб халқаро, республика ва минтақавий даражада 500 дан зиёд тадбирлар ташкил этилади.  ЮНЕСКО ҳамкорлигида Семейда август ойида ўтказиладиган “Абай мероси ва жаҳон маънавияти” халқаро илмий-амалий конференцияси энрг муҳим воқеалардан бири бўлади. Октябрда эса Нур-Султонда Абай ва маънавий-руҳий уйғониш мавзусида халқаро конференция ўтказилади.   

Яна бир муҳим лойиҳалардан бири буюк шоир асарларининг ўнта тилга таржимаси ва чоп этилиши ҳисобланади. Хусусан, Абай асарлари инглиз, араб, япон, испан, итальян, хитой, немис, рус, турк ва француз тилларига таржима қилинади. Бир неча ҳужжатли фильмлар ҳамда шоирнинг ҳаёти, мероси, унинг қозоқ маданиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ҳақида “Абай” телесериали суратга олинади.   

Санъат соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Республика халқаро даражаларда театр ва мусиқа фестиваллари ўтказилади. Энди адабиёт ва санъат соҳасидаги энг яхши асарлар учун Давлат мукофотлари Абай номидаги Давлат мукофоти билан номланади.   

 Шарқий Қозоғистон вилоятининг Акшоки посёлкасида Қўнанбой Ускенбаевич сулоласининг қабристони ободонлаштирилади. Семипалатинск вилоятининг Семей шаҳри тарихий марказга айлантирилади.  

Президент Қ. Тоқаевнинг айтишича, бундай тадбирлардан кўзланган мақсад жамоатчилик онгини янгилаш, ягона мамлакат, бир бутун миллат сифатида мамлакат ривожига туртки бериш. Абай мероси миллатнир жипслаштиришга ва мамлакат тараққиётига хизмат қилади.   

Хулоса ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилган бугунги кунда икки қардош ўзбек ва қозоқ халқлари орасидан етишиб чиққан улуғ сиймоларни қадрлаш, уларнинг халқларимизга қолдириб кетган ўлмас меросларини ўрганиш ва тарғиб қилишга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Шу жиҳатдан ҳам Президентимизнинг 2018 йил 13 март кунги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори қардош Қозоғистон халқига, унинг бетакрор адабиёти ва маданиятига бўлган улкан ҳурмати ва ишончининг ёрқин ифодаси бўлди. Ушбу қарорда таъкидланганидек: “Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда”. Шу маънода Абайни фақат қозоқ халқининггина эмас, балки бутун туркий оламда фалсафий фикрлар тараққиётига катта ҳисса қўшган, адабий тафаккурни нурлантирган, мавжуд ҳаётни санъаткорона бадиий акс эттирган улкан мутафаккир адиб, десак муболаға бўлмайди. Чунки у шоир сифатида бутун инсониятга муҳаббат кўзи билан қаради.
Абайнинг ўз халқига бўлган меҳр-муҳаббатини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Шоирни миллийлик қобиғидан чиқариб, уни умумбашарий шоирга айлантирган омил унинг ўз халқига бўлган чексиз ва беғубор муҳаббати, эл-юртининг тақдири билан боғлиқ курашчан доно фикрларидир. Зеро, ўз халқини чин севган кишигина бошқа халқларни сева олади, ўз қадрини химоя қилишга қодир одамгина инсоннинг қадрини улуғлай олади.
Мана, 175 йилдирки у ўзининг бетакрор ижоди билан қозоқ халқининг шуҳратини оламга ёйиб келмоқда. Абайнинг адабий мероси, илғор фалсафий фикрлари, буюк яратувчилик ғоялари Ватанга, инсонга, табиатга, ҳаётга бағишланган юксак маънавий дунёси бўлиб, халқининг қалбидан абадий жой олган. Абайнинг ижодий мероси 180 га яқин шеърлари, 3 та поэмаси, 60 дан ортиқ таржималари ва унчалик катта бўлмаган прозаси ҳамда бир неча тарихий мавзудаги мақолаларидан иборат. Абай ўз шеърларида муҳаббатсиз, дўстликсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас, унингсиз жамият учун фойдали ижод қилиб бўлмайди, деб халқини илм олишга, ҳунар эгаллашга, ҳалол меҳнат қилишга чақиради.   

Абай ўз асарларида халқини, замондошларини адолатли жамиятнинг, бахтли турмушнинг асослари нимадалигини англаб етишга, содир бўлган воқеа-ҳодисаларнинг туб моҳиятини тушуниб олишга, одамларни тафаккур қилишга, ўзини англашга, миллат сифатида ўзини танишга чақирди.
Айтиш мумкинки, Абай қозоқ халқини дунёга танитди, қозоқ халқи эса Абайни оламга машҳур қилди.   

Шуни унутмаслик керакки, Абайнинг ўзбек халқига меҳр-муҳаббати катта бўлган. У “Насиҳатлари”нинг “Иккинчи сўзи”да: “Ўзбек деҳқони етиштирмаган ўсимликнинг ўзи йўқ, улар ясамаган буюм йўқ. Аҳилликда яшашади, адоват қўзғамайди. Таниқли бойлари, билимдон муллалари, ҳунармандлик ва мўл-кўллик дейсизми, боадаблик дейсизми — ҳаммаси уларда бор”, дея ўзбек халқига юксак баҳо берган. Бу билан Абай ўз халқини ҳам илғор ўзбек халқи қаторида кўргиси келади, улар билан дўст бўлиб ҳамкорликда яшашга чақиради. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги кунда ривожланиб бораётган қардош ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги абадий дўстликнинг тамал тошларидан бири ўша даврда ўз элининг чин ватанпарвари ва маърифатпарвари бўлган Абай томонидан ҳам қўйилганлигига амин бўламиз. 

                                                                   Абдували Сойибназаров, сиёсий шарҳловчи 

Дата публикации
27 марта 2020
Дата обновления
27 марта 2020
Тип
Информация

Сейчас читают

28 января 2026
Электронное резидентство (e-Residency) для иностранных граждан
Информация
01 апреля 2025
Оплата консульских услуг
Информация
01 апреля 2025
Памятка для граждан РК

Социальные медиа

Меню подвал

Послания Президента РК
Сайт Президента РК
Сайт Премьер-Министра РК
Концепция цифровой трансформации
Государственные символы РК
Термины и обозначения
Служба центральных коммуникаций при Президенте РК
Экранный диктор
Концепция развития искусственного интеллекта на 2024 – 2029 годы
Правила размещения информации на интернет-портале открытых данных